Домой Новости Петербургда муҳожир метродаги терактни оқлаганликда айбланиб қўлга олинди

Петербургда муҳожир метродаги терактни оқлаганликда айбланиб қўлга олинди

33

Петербургда муҳожир метродаги терактни оқлаганликда айбланиб қўлга олинди (ВИДЕО)


Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бошқармаси ходимлари шаҳар метросидаги терактни оқлашга уринган марказий осиёлик мигрантни сешанба, 19 февраль куни​ қўлга олди.

ФСБ матбуот хизмати тарқатган хабарга биноан, марказий осиёлик экани айтилаётган йигит Петербург метросида икки йил олдин содир бўлган портлашларни оқлашга уринган.

– Олиб борилган оператив-қидирув амалиётлари натижасида Интернет тармоғида 03.04.2017 йилда Санкт-Петербург метрополитенида содир этилган террорчилик актини оқловчи аудиоматериалларни жойлаштирган МДҲ давлатларидан келган шахс ҳибсга олинди, – дейилади ФСБ расмий баёнотида.

ФСБчилар бу шахсга нисбатан ҳибсда қолдириш чораси қўлланилиши масаласи кўрилаётганини ҳам билдирди.

Айни дамда, ФСБ кўринишидан марказий осиёлик муҳожир бўлган шахснинг ҳибсга олиш жараёни акс этган видеотасвирни Youtubeда жойлаштирди. Унда ёши 20-25 атрофида бўлган шахснинг қуролланган ходимлар томонидан ерга ётқизиб, кишанлаб, олиб кетаётганини кўриш мумкин.

(Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ФСБ матбуот хизмати видеоси)

ФСБнинг ТАСС агентлиги орқали тарқатган маълумотига биноан, муҳожирга нисбатан ФСБ тергов бўлими томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205.2- моддаси, 2- қисми, яъни “Оммавий ахборот воситалари, жумладан Интернет ёрдамида террорчилик фаолиятига даъват этиш, терроризмни ошкора оқлаш ёки терроризм пропагандаси” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилди.

ФСБ бошқармаси Озодлик расмий сўровига ҳибсга олинганнинг шахсига оид маълумотлар тергов якунига қадар сир сақланишини билдирди.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросидаги портлашни келиб чиқиши Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Россия фуқароси, 22 ёшли “худкуш Акбаржон Жалилов содир этгани” иддао қилинган эди. Бу ишга алоқадорликда айбланиб, миллати ўзбек бўлган жами 11 одам устидан тергов амалиётлари давом этмоқда.

Жорий йилнинг феврали бошларида Россия Бош прокуратураси Петербург метросидаги террорчилик ҳужуми юзасидан очилган жиноят ишини судга жўнатгани тўғрисида айтилган эди. Маълум бўлишича, бу иш Москва округ ҳарбий суди томонидан ёпиқ режимда кўриб чиқилади.

Портлаш оқибатида 16 одам ҳалок бўлган, юздан ортиқ одам жароҳатланган.

Орадан бир йил ўтган бўлса ҳам бирорта гуруҳ расман мазкур ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эмас.

Озодлик Петербург метросидаги портлаш ортидан юзлаб гумонланувчилар, асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон гражданлари ушланаётгани тўғрисида хабар бериб келади. Мазкур иш тергови саноқсиз қонун бузилишлари, айбланувчиларнинг қийноқларга солингани билан бирга олиб борилаётгани тўғрисида кўп маротаба айтилган.